2016 йил 8-9 ноябрь кунлари Тошкентда “Аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг замонавий методологияси: муаммо ва ечимлар” мавзусида аниқ ва табиий фанлар ўқитувчилари Форуми ўтказилди.

Форумнинг биринчи куни 8-ноябрда 300 нафар иштирокчилар Тошкент вилояти Паркент тумандаги “Қуёш сандони” илмий-ишлаб чиқариш мажмуасига илмий экскурсияга ташриф буюрди. Даставвал мажмуанинг мажлислар залида форум иштирокчиларини Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Данияров, Тошкени вилояти ХТБ бошлиғи Н.Рўзиқулов, Паркент тумани хокими Ў.Алимов қутладилар. “Катта Қуёш сандони” илмий ишлаб чиқариш мажмуаси директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Атабоев Илхом Ғафурович “Катта Қуёш сандони” илмий ишлаб чиқариш мажмуаси Ўзбекистонда Қуёш энергиясидан фойдаланишда фан-техника ва технологиялар равнақининг ёрқин намунаси сифатида дунёда фақат Франциядан кейин иккинчи ўринда туриши, мажмуада олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумотлар билан таништирди. Шундан сўнг, иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, илмий ходимлар томонидан ташкил қилинган экскурсиялар асосида “Катта Қуёш сандони” илмий ишлаб чиқариш мажмуаси худуди ва қурилмалар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Тушдан сўнг иштирокчилар икки гуруҳга бўлиниб, биология, кимё, география фанлари бўйича Тошкент шаҳридаги “Ботаника боғи”га ташкил этилган саёҳат ва математика, информатика, физика фанларидан Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабида “Олимлар билан учрашув” ўтказилди.

9-ноябрь куни Низомий номидаги ТДПУда Форумнинг ялпи ва шўъба йиғилишлари ўтказилди. Ялпи йиғилишда барча ҳудудларнинг илғор тажрибали педагоглари, етук олимлар, аниқ ва табиий фанлардан мактаб дарсликларининг муаллифлари ва соҳа мутахассисларидан иборат 350 нафар иштирокчи қатшнашди.

Форумни Халқ таълими вазири У.И.Иноятов очиб, “Аниқ ва табиий фанлар таълимида эришилган ютуқлар ва келгусидаги истиқбол вазифалар” юзасидан маъруза қилди ва ялпи йиғилишни олиб борди.

Форумни ўтказишда математика, физика, кимё, биология, география, информатика фанларидан 6 та шўъба ташкил этилди. Ҳар бир шўъбада белгиланган аниқ мавзулар бўйича қизғин мунозаралар ўтказилди. Форум мавзусидан келиб чиқиб, шўъба иштирокчилари фан йўналиши бўйича ҳар бир вилоят командаси шўъбаларда ўз тақдимотлари ва тавсиялари билан фаол иштирок этдилар.

Форум жараёнлари оммавий ахборот воситалари орқали Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон телевиденияси кўрсатувлари, радио эшиттиришлари, газета ва фан йўналишлари бўйича журналлар саҳифаларида кенг ёритилди.

Мазкур форумнинг ялпи ва шўъба йиғилишларида билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар жамланиб, улар асосида аниқ ва табиий фанлар таълими сифати ва мазмунини янада оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Add Comment

Required fields are marked *. Your email address will not be published.