Uchinchi frank seniki emas!!!

чаплинКўпни кўрган, ҳаётда анча пишиб қолган, 12 нафар  фарзанднинг отаси Чарли Чаплин 1965 йилда 76 ёшида Париж саҳнасида ўзини рақс ҳиромларидан излаётган 21 яшар қизи Жеральдинага мактуб битади. Ҳаяжонли, таъсирли, кишини титратадиган бу мактуб ниҳоятда шахсий саналади, бироқ шу билан бирга ҳар биримизга мос келади. Бир отанинг меҳри, жонкуярлиги, ҳасрати, шодлиги, ғурур ва кечинмалари,ҳаёти давомида тўплаган донишмандлиги ҳамда унда болалик ҳислари сақланиб қолганлигининг ёрқин намунаси.

Ушбу номани ўқиб, ўйлаб кўринг, сизга ота-онангиз нималарни ўргатишди, сиз фарзандингизга нималарни ўргатишни истайсиз.

“Қизалоғим! Ҳозир тун. Рождество кечаси. Кичиккина қалъамнинг барча қуролланган жангчи сипоҳлари уйқуга кетишган. Сенинг укаларинг, сингилларинг ухлашяпти. Ҳатто онанг ҳам ухлаб қолган. Бу ғира-шира ёруғ хонага етиб келгунимча жужуқвойларни уйғотиб юборишимга сал қолди. Сен мендан қанчалар узоқдасан! Аммо майли, агар қиёфанг доимо кўз ўнгимда турмаса, кўзларим кўр бўлсин. Сенинг портретинг шу ерда – стол устида ва мана бу ерда – юрагимга яқин жойда турибди.

Сен-чи? Ўзинг қаердасан?! У ёқларда эртакнамо Парижда, Елисей майдонидаги муаззам, маҳобатли театр саҳнасида рақс тушаяпсан. Мен буни яхши биламан, тун сукунатида сенинг қадам товушларингни эшитаётгандекман гўё, ҳудди қишнинг сокин самосидаги юлдузлардек чақнаб турган кўзларингни кўраяпман.

Ўша тантанали ва порлоқ томошада татар хони асир олган форс соҳибжамоли ролини ижро этаётганингни эшитаяпман. Доимо кўркам бўл, рақс туш! Юлдуз бўлиб порлагин! Аммо, мабодо, томошабинлар завқи ва миннатдорчилиги сени сархуш қилса, тақдим этилаётган гулдасталарнинг ифори бошингни айлантириб қўйса, бир бурчакка ўтиргин-да, мактубимни ўқи, қалбинг сасига қулоқ тут.

Жеральдина, мен сенинг отангман! Мен Чарли Чаплинман! Сен жимитдеккина бўлганингда неча неча тунлар кароватинг ёнида ўтириб, уйқудаги соҳибжамол, сергак аждаҳо тўғрисида эртаклар айтиб берганимни эслайсанми?! Қартайиб бораётган кўзларимга уйқу бостириб келганда мен уни масхара қилиб, шундай дердим: “Кет! Менинг уйқум – бу қизгинамнинг орзулари!”

Жеральдина, мен сенинг орзуларингни кўра олганман, сенинг келажагингни, бугунги  кунингни кўрганман. Саҳнада хиром айлаётган қизни, самога сузиб чиқаётган парини кўрганман. Томошабинларнинг сўзларини эшитганман, улар шундай қийқиришарди: “Бу қизни кўряпсизларми? У кекса масхарабознинг қизи. Эсингиздами, унинг исми Чарли эди?”

Ҳа, мен Чарлиман! Мен қари масхарабозман! Бугун сенинг галинг. Рақсга туш! Мен кенг, йиртиқ иштонда ўйинга тушганман. Сен эса маликаларнинг ипак, шойи либосида рақсга тушаяпсан. Бу рақслар ва гулдурос олқишлар сени гоҳо осмонларга кўтаради. Учгин! У ёқларга учгин! Аммо кейин ерга қайтиб туш! Сен инсонларнинг турмушини кўришинг лозим, совуқ ва очликдан қалтираб, ўйинга тушаётган, сакраётган кўча раққосаларининг ҳаётига назар ташламоғинг даркор. Мен ҳам худди улардек бўлганман, Жеральдина. Ўша тунларда, ўша сеҳрли оқшомларда менинг аллаловчи эртакларимни тинглаб уйқуга кетганингда мен бедор бўлганман.

Мен сенинг ҳаётбахш юзингга боқиб, юракчангнинг уришларини эшитардим ва ўзимдан сўрардим: “Чарли, наҳотки, мана шу жажжи ҳаёт кун келиб сени таниса?” Сен мени билмайсан, Жеральдина. Ўша узун тунларда сенга жуда кўплаб эртаклар айтиб берганман, аммо ўзимнинг эртагимни ҳеч қачон айтмаганман. Бу ҳам қизиқ. Бу Лондоннинг ночор кварталларида қўшиқ айтиб, рақсга тушган, сўнг эҳсон йиққан оч-наҳор масхарабоз тўғрисидаги эртак. Мана менинг эртагим!

Мен очлик нималигини, бошингда бошпананг йўқлиги нималигини бошдан кечирганман. Бундан ҳам ортиғи, кўксида бутун бошли мағрурлик океани мавжланаётган ва бу ғурурни отилаётган тангалар оғритиб, жароҳатлаётган саргардон қизиқчини камситувчи оғриқни тотиб кўрганман. Аммо нима бўлганда ҳам мен тирикман, шунинг учун буларни четга суриб турайлик.

Яхшиси, сен ҳақингда сўзлашамиз. Сенинг Жеральдина исмингдан кейин менинг шарифим – Чаплин келади. Бу шариф билан мен ер юзида қирқ йилдан ортиқроқ вақт мобайнида одамларни кулдириб юрдим. Аммо мен уларнинг кулишганидан кўра кўпроқ йиғладим. Жеральдина, сен яшаётган дунё фақат мусиқа ва рақсдангина иборат эмас! Ярим тунда каттагина томоша залидан чиққан вақтингда бадавлат томошабинларни ёдингдан чиқаришинг мумкин, аммо сени уйгача олиб бориб қўювчи такси ҳайдовчисидан рафиқасининг аҳволини сўрашни унутма. Агар унинг рафиқаси ҳомиладор бўлса, агар туғилажак фарзандлари учун йўргак сотиб олишга уларнинг пуллари бўлмаса, унинг чўнтагига пул солиб қўй. Банкда бу чиқимларингни тўлашлари тадоригини  кўриб қўйганман. Бироқ бошқаларга қатъий ҳисоб бўйича ҳақ тўлагин. Вақти-вақти билан метро ёки автобусда юр, пиёда сайр қилиб, шаҳарни томоша қил.

Одамларни кузат!  Бевалар, етимларга назар сол! Кунига ҳеч бўлмаса бир марта ўзингга ўзинг шундай дегин: “Мен ҳам шу инсонларнинг бириман”. Ҳа, қизим, сен ҳам улардан бирисан. Мутлақо. Санъат инсоннинг юксакларга учиши учун унга қанот беришдан аввал одатда унинг оёыларини синдиради. Кун келиб, сен ўзингни жамоатдан юқорида ҳис этсанг, дарҳол саҳнани ташлаб чиқ. Дуч келган биринчи машинага ўтириб, Париж атрофларини кезиб чиқ. Мен у ерларни жуда яхши биламан! Сен у жойларда ўзингга ўхшаш жуда кўплаб раққосаларни кўрасан. Улар ҳатто сендан ҳам гўзалроқ, нозик, ғурури юксак. Сенинг театрингдаги прожекторларнинг кўзни оладиган нурлари бу ерларда бўлмайди, у чироқлардан асар ҳам бўлмаган. Улар учун прожектор – бу Ой.

Синчиклаб, яхшилаб қара! Улар рақсга сендан яхшироқ тушмаяптимикин? Ростини айт, иқрор бўлгин, қизалоғим! Ҳар доим сендан яхшироқ рақсга тушадиган, сендан яхшироқ ўйнайдиганлар топилади! Ёдингда тут: Чарлининг оиласида извошчини ҳақоратлайдиган ёки Сена соҳилларида ўтирган тиланчини масхара қиладиган қўрс, қўпол одам бўлмаган. Мен дунёдан ўтаман, аммо сен яшайсан. Сен ҳеч қачон йўқчилик нималигини билмаслигингни истайман. Бу мактуб билан бирга сенга истаганингча сарфлашинг учун чек дафтарчасини юборяпман. Аммо икки франк сарфлаганингда эсингда бўлсин, учинчи танга – сеники эмас. У шу пулга муҳтож бўлган нотаниш кишига тегишли. Бундай инсонни эса осонлик билан топишинг мумкин. Бу бегона бечораларни кўришни истасанг бўлди, уларни ҳар ерда учрата оласан. Мен сен билан пул ҳақида гаплашаяпман, чунки унинг қандай кучга эгалигини билиб олдим.

Мен циркда анча вақтимни ўтказганман ва доимо дорбозлар учун ҳаяжонланганман. Аммо сенга шуни айтишим керакки, дорбоз-ўйинчилар ўша ишончсиз арқондан йиқилганларидан кўра кўпроқ оддий инсонлар қаттиқ ерга йиқилишади. Балки таклиф этилган кечаларнинг бирида қандайдир олмосларнинг ярқираши ақлингни олар, кўзларингни қамаштирар. Айни ўша лаҳзада у сен учун хавфли дорга айланади ва ундан кун келиб йиқилишинг ҳам муқаррар. Балки ажойиб кунларнинг бирида бирорта шаҳзоданинг хушрўй чеҳраси сени шайдо  қилар. Айни ўша кунда сен тажрибасиз дорбозга айланасан, тажрибасизлар эса ҳар доим қулашади. Ўз қалбингни тилла ва қимматбаҳо жавоҳирларга сотмагин. Шуни билгинки, энг улкан бриллиант – бу қуёш. Бахтимизга у ҳамма учун бирдек нур сочади. Вақти келиб,  сен кимгадир кўнгил қўясан, ўша инсонни бутун юрагинг билан севгин. Мен онангга айтдим у сенга бу ҳақда ёзиб юборади. Онанг муҳаббатни мендан яхшироқ билади, сен билан бу ҳақда онанг сўзлашгани яхшироқ.

Сенинг ишинг машаққатли, буни биламан. Сенинг жисминг шойи парчасинигина ёпиниб олган. Санъат учун саҳнага ярим-яланғоч чиқиш ҳам мумкин, аммо у ердан нафақат либосда, балки покиза ҳолда қайтмоқ лозим. Мен кексаман ва балки менинг сўзларим кулгили кўринар. Аммо менимча, сенинг жисминг сенинг қалбингни севган инсонгагина тегишли бўлиши лозим. Сенинг бу борадаги фикринг ўн йил аввалгидек, яъни  ўтаётган замонга тегишли бўлиши даҳшатли эмас. Чўчима, бу ўн йил сени қаритиб қўймайди.

Биламан, оталар ва болалар ўзаро доимий баҳс олиб боришади. Мен билан, менинг фикрларим билан курашгин, қизалоғим! Мен ўта итоаткор, кўнгилчан фарзандларни ёқтирмайман. Ушбу мактубга кўзларимдан оқаётган ёш ҳали тушмаган экан, мен бугунги Рожество кечаси – мўъжизалар туни эканлигига ишонишни истайман.

Мўъжиза юз беришини ва сенга айтмоқчи бўлганларимни ҳақиқатан ҳам тушунишингни истайман, Жеральдина. Чарли аллақачон кексайди. Эртами кечми, саҳнадаги оқ либосинг ўрнига менинг қабрим тепасига келиш учун қора кўйлак  кийишингга тўғри келади. Ҳозир сени хафа қилишни истамайман. Фақат вақти-вақти билан кўзгуга назар сол – у ерда менинг чизиқларимни кўрасан. Томирларингда менинг қоним оқмоқда. Ҳатто менинг томирларимдаги қон совиганидан кейин ҳам сен ўз отангни, Чарлини унутмаслигингни истайман. Мен фаришта бўлмаганман, аммо ҳар доим инсон бўлишга ҳаракат қилдим. Сен ҳам шунга интил.

Сени ўпиб қоламан, Жеральдина.

Отанг.

1965 йил, декабрь”

Нафиса Норжигитова таржимаси.

Add Comment

Required fields are marked *. Your email address will not be published.